Ўтган ҳафтада Ўзбекистон вилоятларида ун ва нон нархи кескин ошди. Бу Қозоғистондан импорт қилинадиган ғалла нархининг ошиши фонида содир бўлди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги нархларнинг ўсишини мавсумий тебранишлар билан изоҳлади ва россиялик трейдерлар ҳаракатига ҳам ишора қилди.
Қозоғистон Ўзбекистонга кўмир ташиш тарифларини оширишни режалаштирмоқда, бироқ айни пайтда Ўзбекистондан Афғонистонга ун маҳсулотлари транзити учун тарифларни камайтиришни сўрамоқда. Мамлакатлар бош вазирлари ўринбосарлари Қарағандада маиший техника ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ҳам муҳокама қилди.
Бағдод туманида тадбиркор аҳолига ажратилган арзон нархдаги 151,4 тонна ун маҳсулотини белгиланган маҳаллаларга етказиб бермасдан, Марғилон шаҳрида бошқа шахсларга қиммат нархларда сотиб юборгани аниқланди. Гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Иштихон туманида тадбиркор аҳолига ажратилган арзон нархдаги 84,5 тонна ун маҳсулотини белгиланган маҳаллаларга етказиб бермасдан, савдо нуқталари орқали қиммат нархларда сотиб юборгани аниқланди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Наманган ва Фарғонада аҳолига ажратилган арзон нархдаги ун маҳсулотини бошқа шахсларга сотиб юборилгани аниқланди. Поп туманида МЖЧ раҳбари 54,9 тонна, Марғилон шаҳрида эса хусусий корхона мансабдорлари 10,1 тонна ун маҳсулотини қимматроқ нархда сотгани маълум бўлди.
Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ғаллачилик соҳасини ислоҳ қилиш нархларни оширишни эмас, эркинлаштиришни назарда тутаётганини қайт этди. «Кейинги беш йил ичида эркинлаштириш мамлакатда ғалла етиштиришнинг сезиларли ўсишига ва импортнинг сезиларли даражада камайишига олиб келади», — дейилади вазирлик маълумотида. Ҳукумат ун нархининг кескин ошишининг олдини олиш чораларини ҳам ишлаб чиқди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг